ГУВОҲЛИК
ҳикоя
Азиз дўстим, Мухтасар! Мана, бир неча кундирки, сенга хат ёзгим келади, аммо нимагадир юрагим дов бермайди. Ҳозир ярим тун. Ўйлаб-ўйлаб охири ёзишга бел боғладим. Бутун дарду ҳасратларимни сенга ёзиб, юрагимни бўшатиб олмоқчиман. Бундан ташқари, бу ҳасратлардан сен ҳам хабардор бўлсанг ёмон бўлмасди. Ҳа, шундай, дўстим. Ҳаётда нималар бўлмайди, дейсан. Қанча-қанча воқеаларга дуч келасан, киши.
Эсимда, мени ўқишга кузатишаётганда, сен: “Фаросатнинг олий ўқув юртига муваффақиятли ўтиши – бу унинг балоғат ёшига тўлиб, ҳаётга мустақил равишда қўйган биринчи ажойиб қадами”, дегандинг. Эҳ, дўстим, қани энди ҳаёт фақат хурсандчиликлардан иборат бўлса! “Фалокат оёқ остида” деганларидек, ўшанда хайрлашганимиздан кейин бир ой ўтар-ўтмас бошимга мушкул бир иш тушди. Албатта, бунга ўзим сабабчи бўлдим. Дўстим, бундай ўйлаб қарасам мен ҳали гўл эканман.
Эсингда бўлса керак, ўқиш даврида Мунтазамни баъзан мазах қилардик. Синфимизда биронта ноўрин ҳаракат бўлиб қолгудек бўлса, ўқитувчига тўппа-тўғрисини айтиб қўя қолиши учун у бечорани “чақимчи”, “иғвогар”, “умрида бошқага яхшилик қилмаса керак”, деб айблардик. Аммо у “яхшилик қилишнинг ҳам ўз ўрни борда” деб қўярди. У ҳақ экан. Ҳа, ишонавер дўстим, у ҳақ экан!
Биласанми, Мухтасар, ушбу хатни қамоқхонадан ёзаяпман. Ҳа, қамоқхонадан! Аммо, мен ўғрилик ҳам, ғарлик ҳам қилганим йўқ. Бирон кишига оз бўлса-да озор бериб, безорлик қилган эмасман. Шундай, дўстим. Фақат инсонга яхшилик қиламан деб шу ҳолга тушдим. Ажабланма, дўстим, ҳали ўзинг ҳам тушуниб қоласан. Мана эшит.
Бир куни эрталаб ҳаммомга кетаётган эдим. Мендан олдинроқда, йўлнинг нариги ёғида бир хотин йўлни супурарди. Бир маҳал қаттиқ тезликда кетаётган такси машинаси ҳалиги хотинни уриб кетди. Бечора хотин қичқириб юборди. Мен қўрққанимдан икки қўлим билан кўзларимни беркитдим. Машина бир оз ўтиб тўхтади. Чопиб бордим. Бундай қарасам, шофер қўшнимиз экан. Ўзи жуда мўмин одам, кўп марта машинасига тушганман. Пул берай десам олмаган.
– Нима бўлди, Шариф ака? – дедим машинани тўхтатгач.
– Тўйдан келаётган эдим, – жавоб берди у. Кўринишидан маст эди. Иккимиз йўл четида ётган хотин олдига бордик. Боши қон. Шариф ака қўрқиб кетди.
– Фаросатбек, сиздан ялиниб сўрайман. менинг машинам уриб юборганлигини ҳеч кимга айтманг, жон ука, бола-чақам бор, ялина бошлади у. Ўйламай-нетмай “хўп” дедим. Шу орада милиция ходими етиб келди.
– Ким босди?! – деб сўради у биздан.
– Ҳозиргина бир номаълум такси уриб, нариги томонга қочиб кетди, мен хотинга ёрдам берай деб тўхтадим, – деди Шариф ака уялмай-нетмай. Милиция ходими менга қаради. Мен унинг гапини тасдиқладим.
– Шу ердан кетмай туринглар, гражданлар, – деди милиционер ва мотоциклда Шариф ака қўли билан ишора қилган томонга кетди. Қўшним эса пайтдан фойдаланиб, машинанинг олдинги буферидаги мажақланган жойини тузатиб қўйди. Машиналар йиғилди. Бир оздан сўнг ҳалиги милиционер қайтиб келди. Воқеа содир бўлган жойни ўлчаб чиқиб, нималарнидир ёзиб олди. Актга мен билан Шариф акани гувоҳ сифатида кўрсатиб, имзо қўйдириб олди.
Бир куни мени терговчи чақириб, ўша куни кўрган-билганингизни гапириб беришингиз лозим, агар ёлғон гапирсангиз, жиноий жавобгарликка тортиласиз, – деди.
Ўзинг ўйлаб кўр, дўстим, мен нима дейишим керак? Шариф ака ҳар куни келиб, кўзларини мўлтиллатиб ёш боладек ёлворади. Кечалари ўйлаб чиқаман. Ростини айтсаммикин? Унда Шариф акани қамашса-я. Болалари Ботир, Назир ва Зарифаларин ўйлайман. Агар Шариф ака қамалиб кетса борми, нима деган бўламан. “Дадамизни сен қаматдинг” деб айтишади. Йўк, йўқ! Шариф аканинг илтимосини бажардим. Инсонга яхшилик қилиш керак, деган қарорга келдим. Ручкани олдим, коғозга Шариф ака айтгандек ёзиб бердим. Кечки пайт олдимга Шариф ака келганда, жуда олийжаноб иш қилгандек, мақтаниб ҳаммасини гапирдим. Бечора оёғимга йиқилгудек бўлиб, миннатдорчилик билдирди.