АЙТМАТОВ ҲАЙҚИРИҒИ ЁХУД НОСТРАДАМУС БАШОРАТЛАРИ
«Ер юзида қанчадан-қанча тирик махлуқот борлигини ва яна қанчадан қанчаси инсон қўли билан йўқотиб юборилганини ўйласанг, беихтиёр баданинг жунжикиб кетади.»
Чингиз Айтматов
Юксак эстетик тафаккур қудрати билан дунё эстетик тафаккурини янгилашга муваффақ бўлган буюк мутафаккир адиб Чингиз Айтматов ижодида япон файласуфи Дайсаку Икэда ҳамда қозоқ шоири Мухтор Шохонов билан давомий суҳбат-мулоқотлар натижасида дунёга келган «Руҳ юксаклигига қасида» ҳамда «Чўққида қолган овчининг оҳи-зори» номли суҳбат-китоблар ҳам моҳиятан катта салмоққа эга.
«Инсониятга чексиз ишонч ва меҳр-муҳаббат маҳсули» ўлароқ дунёга келган «Чўққида қолган овчининг оҳи-зори» китоби муқаддима қисми ҳамда етти бўлимдан иборат. Унинг бўлимларидан бири «Адашган оққушлар қичқириғи ёки медузаларнинг сири» деб номланади.
Фикр-мулоҳазаларимиз шу ҳақда.
Эътироф этиш жоизки, фан-техника тараққиёти дунё миқёсида жадал суръатлар билан ривожланиб бормоқда. Инсоният юксак тамаддун сари дадил одимламоқда. Бошқа жиҳатдан, жаҳон иқтисодиётининг ривожланиши инсонни аста-секин табиатдан бегоналаштираётгандек. Инсон ва табиат муносабатлари глобал миқёсдаги муаммолардан бирига айланиб бормоқда. Ер, ер ости бойликлари, сув, ҳайвонот ва наботот дунёси бебаҳо умуммиллий бойлик экани, улардан оқилона фойдаланиш зарур эканлигини одамзод унутиб қўймаяптими? Улар ўртасидаги биологик алоқалар издан чиқса, нохуш оқибатларга олиб келишини англаб етмаяптими? Модомики, табиат – яхлит бир тизим, шундай экан, инсон табиат билан доимо уйғунликда яшамоғи керак. Барча мавжудотлар ичида ҳаёт гултожи бўлмиш инсон гоҳида худбинликка берилиб, табиат устидан зўравонлик қилмаяптими? Ғайриэкологик хатти-ҳаракатлари билан ҳалокат ёқасига элтувчи яширин хавф-хатарлар кўламини янада кенгайтирмаяптими?
Суҳбатдошлар – Чингиз Айтматов ва Мухтор Шохонов қалбларини қийнаб, чуқур қайғуга солаётган долзарб умуминсоний муаммолар теварагида атрофлича, теран мушоҳада юргизадилар. Бўлим аввалида Айтматов ҳикоя қилган машҳур овчи Хўжаёш ва унинг фожиали тақдири тўғрисидаги қадимий қирғиз афсонаси юксак тарбиявий аҳамиятга эга. Унда ривоят қилинишича, азалий қирғиз юртида Хўжаёш исмли уста мерган овчи севикли ёри висолига етишмоқ ниятида қадамида учраган ҳайвону қушларга аёвсиз қирғин келтиради. У ойдин тунда қўшиқ айтиб, келинтушди қилаётган сув каламушларини ҳам битта қўймай бўғиб ўлдиради; тоғ дараларидаги ёввойи эчкиларни ваҳшийларча қира бошлайди. Тирик қолган Кулранг Эчки бағритош овчидан шафқат тилаб, илтижо қилади. «Бизнинг авлодимиздан фақат бир жуфт эчки қолдик. Наслимизни давом эттиришимиз учун имкон бергин, бизни қириб юборма!» – деб йиғлаб юборади. Лекин Хўжаёшнинг тош қотган қалби инсоний раҳм-шафқат туйғуларидан буткул мосуво: у Кулранг Эчкини шу заҳоти отиб ўлдиради. Эчкилар наслининг уруғини қуритгани учун юрак-бағри қон бўлган совлиқ эчки Хўжаёшни қаттиқ лаънатлайди ва ақлли тадбир ишлатиб, ўзини ўлдирмоқчи бўлган золим овчини ғайришуурий равишда одам оёғи етмаган тик қоя устига чиқариб қўяди. Хўжаёш муқаррар ҳалокатга маҳкум этилади. У шафқатсиз, бемеҳр бўлгани учун ўзини қарғаб, ўкраб-ўкраб йиғлайди, пешонасига муштлаб-муштлаб, оҳу афғон чекади. Надоматлар бўлсинки, кечикиб айтилган тавба-тазарру энди тамом фойдасиз эди.