Бир «ўқимишли» танишим менга мурожаат қилиб шундай деди:
– Малика Нодиранинг ҳайкалини Ўрданинг рўпарасига ўрнатса бўлмайдими?
– Нега? – дедим.
– Ахир уларнинг қароргоҳи ўша ер-ку, – деди у соддадиллик билан.
– Хонларнинг бу қароргоҳи қурилиши Нодирабегимнинг вафотидан йигирма йил ўтиб кейин бошланган, – дедим.
– Ундай бўлса уларнинг «қароргоҳи» қаерда бўлган?
Ҳурматли ҳамшаҳарлар сизларни қизиқтирган Қўқон хонларинниг ҳар бирини алоҳида ёритиб борамиз. Улар нечта, кимлар бўлган, тақдирлари ҳақида қисқача маълумотлар берамиз, кузатиб боринг.
СЎЗБОШИ
Биргина чинор дарахти вояга етиб улғайгунича қанча тарихийжараёнлар ўтиб кетган бўлади,эҳтимол хонликлар даврининг жами бир чинор умрига тенг бўла олмагандир.
Доноликни севамизми, лаззат оламизми, нима учун севамиз ва лаззат оламиз?
Қизиқ саволлар. Чиндан ҳам доноликни барча бирдек севмайди, бирдек лаззат ҳам олмайди. Доноликни севиш билан доно бўлиб кўринишни хоҳлаш бутунлай бошқа-бошқа нарсалар. Доноликни севиш узлуксиз ўрганиш, тинимсиз ўз билимсизлиги ва нуқсонлари билан курашишдир. Фақат доно бўлиб кўринишни хоҳлаш эса худбинлик. У кишини кибр томон судрайди, бундай одамлар қимматбаҳо либослар кийиб, лаззатли таомлар еб, ҳашаматли иморатлар қуришни донолик деб тушунадилар. Албатта серобчиликда, чиройли ҳаёт кечириш барчанинг орзуси, лекин уни меҳнат билан қўлга киритиш асосий масала бўлиб, чинакам донолик меҳнат қилмасликни, фаолиятсизликни қоралайди. Донолик баркамоллик, севги, ижод, санъат томон етаклайди. Демак донолик баркамоллик ҳамдир. Баркамоллик эса хоҳишларни жиловлаш, ақлга бўйсундиришдир. Ақлга бўйсундирилган хоҳишлар нималарга ундайди – ҳаётни севишга, нафақат ўз ҳаётини, балки наботот оламини, ҳайвонот дунёсини, бутун борлиқни севишга, гўзалликни қадрлашга ва ўзи ҳам гўзаллик яратиш йўлида фаолият кўрсатишга ундайди. Демак донолар келажак учун масъул одамлар, улар ана шу йўлда фаолият кўрсатаётган жафокаш кишиларни парвариш қилишлари, асраб-авайлашлари шарт. Ўтмишни чуқур ўрганиш, унга холис қарай билиш, келажак учун қилинаётган хайрли ишларнинг энг салмоқли қисмидир. Ана шундай хаёллар мени мозийга етаклади, ўша даврларнинг баъзи бир лавҳаларини аниқлаб, азиз китобхонлар ҳукмига ҳавола қилдим.
Ҳурматли китобхонлар 2009 йил мустақилликка эришганимизнинг 18 йиллиги Қўқон хонлигининг барпо бўлганининг 300 йиллигидир. Бу уч аср давомида оламда қанча ўзгаришлар бўлди. Инсоният қанча-қанча жараёнларни бошидан кечирди. Лекин ўтмиш ҳар доим у қандай бўлганлигидан қатъий назар келажак учун зарур ва ибратлидир. Ўтмишимиз ҳақидаги анчагина ёзувлар афсуски, бизгача етиб келмаган, етиб келганларининг ичида ҳам чалкашликлар мавжуд. Хонликлар давридан бир шингилгина маълумот ёритишга азм қилиб мен анчагина мавҳумликларга рўпара бўлдим. Хонликлар даврининг кўпгина воқеалари мавҳумлик пардаларига ўралиб, афсона ва ривоятлар билан қоришиб кетган. Уларнинг қай бири афсона ва қай бири ҳақиқат эканини мукаммал қилиб ёритиш учун тарихчи мутахассисларимиз ва олимлар анчагина тер тўкишларига тўғри келади. Мен ўша ёритилиши лозим бўлган бинонинг бир донагина ғиштини қўйиб бериш орзусида қўлимга қалам олдим. Ҳужжатларга суянган ҳолда баъзи воқеаларни бироз бадиийлаштиришга ҳаракат қилдим. Бу усул ўқувчини илмий ҳужжатлар билан толиқтирмаслик учун қилинган ҳаракат.
Ижод, бу фикрлаш, фикрлаш эса илоҳийдир. Мен эркин фикрлаб, эркин таҳмин қилиб, ҳужжатлардан фойдаланиб яратган баъзи бир мисраларда хатоликка йўл қўйган бўлсам сизлардан узр сўрайман.
Биз ўша даврнинг қиёфасини, реал жараёнларини тасаввур қила оламизми? Қиламиз, лекин тўла эмас. Ҳар биримиз ўз савиямиз ва билимимиз даражасида. Билимимиз, савиямиз эса ҳар хил, шунинг учун ўтмиш ҳақидаги тасаввурлар хилма-хил, ранг-баранг ва баҳсли. Шундай бўлиши керак, шундай бўлиши фойдали. Демак ўтмиш қиёфасини тиклаш учун жуда кўп ўрганиш лозим, чунки тараққиёт тинмай одимлайди. Одамлар, анжомлар, табиат ҳатто ўтмишдаги сўзлар ҳам ўзгариб боради. Ўтмишни яқинроқ билиш учун ўзгариб борувчи инсониятни, табиатни, иқлимни ҳатто урф-одатларни, санъат ва маърифатни, кийим-бошдан тортиб, нималарга эга эканликларини билишимиз керак.