Азиз Суҳбатдош,
Қўлингиздаги китоб – жуда антиқа. Йўқ, уни ўзга сайёраликлар ёзиб кетмаган – аммо, барибир, у сиз аввал кўрган китобларга ўхшамайди. У билан танишиш давомида ўзингиз ҳам бунга амин бўласиз. Ундан кейин – бу китобни сиз танладингиз, сиз танлаган китоб эса одатий ва зерикарли бўлишига ишонмайман.
Анчадан бери шундай китоб ёзишни ният қилиб юргандим. Фақат уни бошлашга ҳеч қунт қила олмасдим. Баъзида одамлар учун фойдали бўладиган китоб ёзиш учун билимларим етарли эмасдек туюларди, гоҳида бундан муҳимроқ деб билган юмушлар билан чалғиб кетардим. Аммо бугун сиз замондошим билан азбаройи суҳбатлашгим келди. Сиз билан кўрган-кечирганларим ва билган-уққанларимни баҳам кўриш истаги уйқу бермай қўйди.
Китоб сарлавҳаси – ҳар хил китобхонда турлича таассурот уйғотади. Бир қарашда, ўзлик ҳар доим ўзимиз билан биргадек туюлса ҳам – кўпчилигимиз ундан йироқдамиз. Мен сизга бахтли бўлиш учун қандай яшаш кераклигини ҳам ўргатмоқчи эмасман. Тўғри-да – мен ким бўлибманки, сизга ҳаёт сабоғини берсам? Ҳаётини бировлар маслаҳатига асосланиб қурадиганлар учун Карнеги ва унга ўхшаш муаллифлар бир сандиқ китоб ёзиб ташлашган – бир умрга бемалол етади.
Мен, аксинча, сиздан ўрганмоқчиман. Сиз менга кўп нарсани ўргатишга қодирсиз. Бу қобилиятингиз ҳақида ўзингиз ҳам билмаслигингиз мумкин – аммо шундай. Ҳар замонда муаллифлар китобхонлар билан асарлари орқали бўлган суҳбатлардан жуда кўп нарсани ўрганишган. Кичик ҳикояга бўлса-да муаллифлик қилган киши буни тасдиқлайди.
Мен сиздан очиқ фикрлилик ва дилкашликни ўрганаман. Энг қизиғи шундаки, сиз ҳам менга таълим бериш жараёнида ўзингиз ҳақингизда кўп нарсаларни билиб оласиз. Кимки ўзи ҳақида ҳамма нарсани биламан деса – у ўсишдан тўхтаган шахсдир. Биз ўзимиз ҳақимизда жуда кам биламиз. Шундай экан, келинг, ўзимизни тадқиқ этишга бир ҳафтамизни бағишлайлик. Айнан бир ҳафта сизга китоб мазмуни билан нафақат танишиб чиқишга, балки уни ҳаётга солиштириб боришга ҳам етарли бўлади. Ишонинг – бу саъй-ҳаракатлар ўзини юз баробар қилиб оқлайди. Мана кўрасиз.
Огоҳлантириш!
Ўз шахсияти билан юзма-юз келишга ҳадиксирайдиган, қўрқадиган ва бундан ваҳимага тушадиган дўстларимиз бу китобни ўқимасин. Агар юқорида айтилган гаплардан кўнглингиз бузилган бўлса – ҳозироқ китобни сотувчига олиб боринг-да, пулингизни қайтариб олинг. Бунинг иложи бўлмаса, уни бошқа бировга сотиб ёки совға қилиб юборинг. Жуда бўлмаса, пулингизга ачинмай, уни аҳлат қутисига ташланг – хуллас, ундан тез ва сифатли халос бўлинг.
Нимага дейсизми? Чунки агар сиз мен баён қилмоқчи бўлган нарсаларни эшитишга тайёр бўлмасангиз, бунга руҳий ва шахсий кучингиз етмаса, китоб сизга фойдадан кўп зарар етказиши мумкин. Бу ҳақида огоҳлантирмасликдек масъулятсизликка менинг ҳаддим сиғмайди.
Агар гапларим сизда ҳеч бир безовталик уйғотмаган бўлса – унда сиз сирлашишга тайёрсиз. Ҳа-ҳа – биз айнан сирлашамиз. Китоб сизга жуда кўп сирларни очади. Аммо сиз ҳам бунга жавобан энг яширин сирларингизни китобга тўкиб солишингиз керак бўлади. Ахир, сирлашиш бир томонлама бўлмайди-ку.
Мутолаа давомида сизга баён гўё фикрларингизни ўқиётгандек – айнан сиз ўйлаган нарсани айтаётгандек туюлиши мумкин. Аммо бу сизни ташвишга солмасин. Китоб сизнинг фикрларингизга бостириб кириб, хаёлларингизни ўғирлагани билан, у ҳеч қачон ҳеч бир сирингизни бирор кимга сотиб қўймайди. Чин сирдош ана шунақа бўлади.
Сиз билан сўзлашиш услубим жиддийликдан ҳоли, енгилтак бўлиб кўринмасин – жиддийлик ҳеч қачон самарали қурол бўлмаган. Сизга бу китобда айтадиган гапларим – менинг юрагимдан чиққан. Юракдан чиққан гаплар мана шунақа енгил, ҳаммага тушунарли ва зарқоғозга ўралмаган бўлади. Сиз билан бизни дилдан суҳбат кутяпти. Сиз ҳам бу суҳбатда фақат қалбингиз билан сўзлашишингизни истардим…